I. Хотирамнинг қаър-қаърида тарих Доим сўзлаб турар эзгин ҳикоя. Тутқин қуш сингари қолурман ғариб, Руҳимга булутлар ташлайдир соя. Бот-бот хаёлимдан чекинди мубҳам, Фикримдан юлқинди Ватан қораси. Олисда милтираб сўнаётган шам – Кўҳна ҳасратимнинг машъум яраси. Кишанбанд қилинар қўлларим гўё, Тупроққа қўшила бошлайди таним. Шу қадар юраги тормидир – дунё. Наҳот фарзандига, ўзига ғаним? Ўзи юрагимга жо бўлди, аммо Нечун сиғдирмади, нечун Ватаним?! II. Кўрингиз тарихни, эй туркий халқим, Кўзимда эртанинг севинчи, холос. Ул Турондир, Туркистондир? У, балким, Ичимни кемирган қадимий қасос. Кўрингиз тарихни. Кўз олдим парда, Қўлимдан учмоқда бу ер, бу Ватан… Ошно тутинардим пўлат ханжарга… Жанг майдони сари отилардим ман… Ватан, айланарман бир кескир тошга, Қошингга ўқ каби учиб борарман… Наҳот тил бошқадир, наҳот дил бошқа?! Йўқ! Фармон кутарман, энг сўнгги фармон, Шакланиб қарарман