Бўлажак рассомнинг отаси Абдураҳмон Аҳмаров Троицкдаги мусулмон мактаблари ташкилотчиси ҳамда тарбиячиси эди. Маданият ва санъатга қизиқиши боис, у ёш Чингизни Пермь бадиий техникумига ўқишга беради. Ч. Аҳмаров 1930 йилда ўқишни тугатгач, бир муддат олдин Ўзбекистоннинг Қарши шаҳрига кўчиб кетган отасининг олдига келади. 1930 – 1935 йилларда Самарқанд шаҳрида яшайди, “Янги йўл” журнали билан ҳамкорлик қилади, “Изофабрика”да рассом бўлиб ишлайди. 1935 йилда В.И.Суриков номидаги Москва бадиий институтига ўқишга кириб, уни 1942 йилда Самарқандда тамомлайди. Мусаввир Ўзбекистонда монументал санъатнинг асосчиси ҳисобланади. Рассом ўз ижодида шарқ миниатюраларидан кўп фойдаланган. Шарқ мусаввирларининг ижод намуналари, анъаналари асосида ўзига хос, бетакрор асарлар яратган. У 1944 – 1947 йилларда Тошкентдаги кўплаб биноларга маҳобатли расмлар чизган. Хусусан, Алишер Навоий театри фойесига “Хамса” мавзулари асосида ишлаган маҳобатли деворий расмлари ҳанузгача эътиборда.