Ҳиндистонда фаолият юритган туркий сулолалар ҳақида сўз юритилганда, аввало, тасаввуримизда маҳобатли Бобурийлар давлати ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур гавдаланади. Бобур тузган давлат ҳинд ўлкасидаги туркий хонадонлар бошқарувининг энг сўнггиси бўлди. Ватандошимиз Абу Райҳон Берунийнинг ҳинд халқлари этнографиясига бағишланган “Ҳиндистон” асари ёзилиши ҳам туркий халқларнинг бу минтақага қизиқишини далиллайди. Орийлардан сўнг, милоднинг бошларида Кушонлардан бошлаб Ҳинд диёри туркий қавмларнинг бош ҳадафи бўлган минтақага айланган. Ғарб манбаларида, айниқса, Туркшоҳийлар ва уларнинг бир қўли бўлган Рутбиллар араблардан Ҳиндистонни ҳимоя қилган қудратли куч экани қайд этилган. Тадқиқотларда келиб чиқиши туркий бўлган сулолалар Ҳинд ўлкасига шимолдан кириб келган “янги одамлар гуруҳи”, дея эслатилади. Қадимги туркларнинг Ҳинд диёридаги фаолияти долзарб мавзу бўлса-да, бироқ ҳалигача ўрганилгани йўқ. Прототурклар ва ҳиндларнинг қўшничилик алоқалари милоддан аввалги 1500-1200 йилла